← Назад
searchTV.uz

Андижон утопает в зелени: в осенний сезон будет высажено более 10 миллионов саженцев

Халқимизнинг “Кўчат экиш, боғ яратиш, хайрли ва савобли иш” деган ибратли гапи бежиз айтилмаган. Чунки кўчат экиш, чор-атрофни яшил ҳудудларга айлантириш, энг аввало, саломатлигимизни мустаҳкамлашга, ҳаётимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Шу боис ҳам, кейинги йилларда юртимизда кўчат экиш, яшил маконлар барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида кўчат экиш, яшил ҳудудларни барпо этиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Биргина 2024-2025 йилларда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида вилоятда 30 миллион тупдан зиёд кўчат экилиб, вилоятнинг яшиллик даражаси янада ортди. Умуман, лойиҳа бошланган 2016 йилда вилоятда яшиллик даражаси 8,3 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган 10 йил давомида ушбу кўрсаткич 14,1 фоизга етди. 2030 йилга қадар вилоятнинг яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш мақсад қилинган. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 23 сентябрда имзоланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни алоҳида эътироф этиш лозим. Жорий йил куз мавсумида вилоятда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида жами 10 миллион 732 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчати, қаламчаларини экиш режалаштирилган. – Лойиҳа доиrasidagi ишларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш мақсадида Андижон вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бошқармасида вилоят штаби ҳамда туман, шаҳар ҳокимликларида ишчи гуруҳ ва штаблар ташкил этилди, – дейди бошқарма бошлиғи Лазизбек Ҳасанов. – Бундан ташқари, кўчат экиш тадбирларини сифатли ўтказиш учун зарур чоралар кўрилди. Шу кунларда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида кузги кўчат экиш жараёнига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Жорий йил кузги кўчат экиш мавсумида ҳар бир шаҳар ва туманларда 2 тадан маҳаллада микроўрмон, сояли сайр кўчалар, жамоатчилик боғлари барпо этиш кўзда тутилган. Айни кунларда барпо этиладиган кўчалар белгилаб олинди, боғлар учун ер майдонлари ажратилди. Кузги кўчат экиш мавсумида ҳар бир шаҳар ва туманда кўчат экиш акциялари ўтказилади. Акциялар доирасида танлаб олинган маҳаллаларда барпо этиладиган “Яшил боғлар” учун 49,3 гектар ер майдони танлаб олиниб, кўчат экиш учун тайёрлаб қўйилди. Ҳозирга қадар вилоятда куз мавсумида экиладиган 10 миллион 732 минг туп кўчат захираси тўла яратилди. Кузги кўчат экиш жараёнида вилоятнинг иқлим ва тупроқ шароитига мос бўлган павлония, каштан, қайрағоч, қарағай, чинор, эман, терак сингари 20 га яқин турдаги манзарали дарахт кўчатлари экилишига алоҳида эътибор қаратилди. Лойиҳа доирасида экилган кўчатларнинг сақлаш, парваришлаш ва суғоришга масъуллар бириктирилиб, зарур ишлар олиб борилади.
Ulashish